Икбол Мирзо «ЖАДИДЛАР»

ЖАДИДЛАР

Тақдир эркалатган қизлар, йигитлар
Соҳилда сайр қилиб, атиргул ҳидлар.
Хаёлчан боқади ғозий шаҳидлар…
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Шахсий намуна йўқ, чунки Ибрат йўқ,
Олимлар жуда кўп, битта Фитрат йўқ,
Шу сабаб мажол бор, куч бор, қудрат йўқ,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Улар ғишт қўйган, биз тошлар отамиз,
Улар сўз йиғганлар, биз гап сотамиз,
Улар кун кутган, биз ойлик кутамиз,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Тавалло, Қодирий, Чўлпонлар қайда?
Ҳамзахонлар қайда, Усмонлар қайда?
Оғиз жуда катта, юраклар майда,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Ўшалар бизларнинг боболармикан?
Биздан ўзларини тополармикан?
Бизни набирам деб тан олармикан?
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Улар мактаб қурган, биз уй қурамиз,
Улар ғоя сурган, биз ўй сурамиз.
Ёппа томошабин бўлиб турамиз,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Қопоғон давр эди, қаттол, қатағон,
Отилиб чиққанни шартта отағон…
Бугун юки енгил туя ётағон…
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Ўзига келмайди ўздан кетганлар,
Ихлос қўйиб шайтон думин тутганлар…
Қани юрт деб ўзини унутганлар?
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Шеър авжида бирдан қалам секинлар,
Буюк устозларим нима деркинлар?
Сўнгги жадид эди Абдулла, Эркинлар…
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Уфққа урилиб, қайтиб келган ўқ
Менинг юрагимни тешиб ўтган чўғ.
Муаллимлар сероб, Авлонийлар йўқ.
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Таълим-тарбияни нажот билганлар,
Илмига ўзлари амал қилганлар.
Қаранг, амал деб ўз жонин юлганлар,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Маишат, тўй, ҳашам бош мақсад ҳамон,
Гапдан бошқа гап ҳам бор, эй қадрдон!
Ҳамма замонда ҳам келмайди замон,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Занглаган зеҳнимни чархлаб берадиган,
Умрим савдосини нархлаб берадиган,
Шу шеърни ўғлимга шарҳлаб берадиган
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.